Voyaga yetmaganlar o‘rtasida suitsid holatlarning oldini olish

30.11.2017| Yangiliklar

Инсоният XXI асрда коинот ва табиат билан яхлит эканини янада кучлироқ ҳис этди. Цивилизация ривожланган сари инсоният тафаккурида технократик ёндашув яққол кўзга ташланмоқда ва гуманистик ғояларнинг ҳимояга муҳтожлиги сезилмоқда. Дунё ҳамжамиятини қийнаб турган глобал муаммолар сифатида  очлик, қашшоқлик, ичимлик суви танқислиги, пандемик касалликлар билан бирга маънавий хатарлар – гуманизм, толерантлик, ижтимоий интеллектнинг сусайгани, инсонлар билан ўзаро муносабатда ҳурмат, кенгфеъллик, кечиримлилик, сабр, оқибат туйғуларининг йўқола бошлагани тилга олинмоқда. ЮНЕСКОнинг “ХХI аср таълими” бўйича халқаро қўмитаси дастурида инсоният олдида турган энг муҳим вазифалар қаторида биргаликда яшашни ўрганиш ҳамда шахс сифатида ноёб, ягона, такрорланмас бўлишни ўрганиш кабилар алоҳида таъкидлаб ўтилгани бежиз эмас. Бугунги куннинг яна бир ижтимоий ҳодисаси глобаллашувдир. Ушбу  феномен, муҳтарам Биринчи Президентимиз И.Каримов таъбирича, ижтимоий, сиёсий, маданий муҳитнинг шаклланиши, ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви, давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграциянинг, ҳамкорликнинг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, циви- лизациялараро мулоқотнинг янгича шакли билан боғлиқ жа-раёндир. Шу билан бирга у мафкуравий таъсир воситаси ҳамдир. Айнан глобаллашув оқибатида турли маънавий таҳдидлар пайдо бўлдики, улар инсоният хавфсизлигини, давлатларнинг 

миллий манфаатларини, келгуси авлодларнинг барқарор келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарга айланди. Бугун ер юзида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий мақсадлар кўзланган ана шундай уринишлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатларнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва яшаш тарзи издан чиқаётгани, маънавияти жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин. Маънавий таҳдидлар – бу инсонларнинг маънавий оламини, руҳиятини издан чиқаришга қаратилган турли шаклдаги ғоявий, мафкуравий, ахборот хуружларидир. Маънавий таҳдиднинг ёрқин кўриниши оммавий маданиятдир. Ҳозирги даврга келиб оммавий маданият миллий давлатчилик тизимларига жиддий хавф сола бошлади. Инсонни маънавий юксалтирадиган ҳақиқий маънавиятдан фарқли равишда оммавий маданият шахснинг интеллектуал, эстетик, аҳлоқий деградациясини кучайтиради. Оммавий маданиятнинг қуйидаги ижтимоий шакллари мавжуд: индивидуализм, шахсий манфаатларни ҳар нарсадан устун қўйиш, эгоцентризм, эркин муҳаббат ғояси, зўравонликка асосланган компьютер ўйинлари, тижорат кинофильмлари, эстетик савияси паст бўлган, маънавий озиқ бермайдиган бадиий асарлар, жамият анъаналарига зид равишда либослар кийиш, пирсинг, татуаж, хорижда ишлаб чиқарилган миллий табиатимизга ёт бўлган қўғирчоқлар, ўйинчоқлар ва ҳ. Ёшлар орасида кенг тарқалаётган хиппи, эмо, гот, неофашизм каби субмаданият турлари ҳам оммавий маданиятнинг салбий кўринишидир. Ахлоқсизликни маданият деб билиш, асл маънавий қад-риятларни менсимасликнинг бундай  ҳолатлари ёшлар тарбия-сига катта хавф солмоқда. Шунинг учун ҳам миллий ғоялар, ҳақиқий қадриятлар тизимини ривожлантириш мақсадга муво-фиқ. Маълумки, шахс маънавий камолотида оилавий тарбиянинг ўрни беқиёс. Оиланинг болаларга тарбиявий таъсир доираси ижтимоий таъсир доираси сингари ўта кенгдир. 

Бироқ  кейинги  пайтда оилада фарзандлар тарбиясида, уларни камол топтиришда бир қатор муаммоларга дуч келинмоқда. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги салбий муносабатлар болаларда хулқ оғиши ҳамда  психосоматик касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шахснинг оғишган хулқи ёки девиант ахлоқ (deviatio – лотинча “оғишмоқ”) – бу умумий қабул қилинган ёки расман ўрнатилган ижтимоий меъёрларга мос тушмайдиган ахлоқ шаклидир. Стресс ва депрессияга мойил ўсмирлик даврида ўзининг долзарблиги билан ташвишга солувчи девиант ахлоқ кўриниши суициддир (лот. sui caedere – ўзини ўлдириш). Расмий маълумотларга қараганда жаҳонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ўтган йигирма йил давомида икки баробарга ошган. Кейинги пайтда “Инстаграм”, “В контакте” каби ижтимоий тармоқларнинг турли сегментларида оммалашган ва кўплаб мунозараларга сабаб бўлган “Кўк кит”,  “Тинч уй”, “WinX”, “Югурасан ёки ўласан” каби ҳали вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортаётган ўйинлар ҳам охири иштирокчининг ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси билан якунланади. Вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини текшириш шуни кўрсатадики, аксарият суицидлар ота-оналар, педагогларнинг қўполлиги, синфдошлари билан келишмовчилик, турли можаролар, атрофдагиларнинг эътиборсизлиги оқибатида, бефарқлик, инсофсизлик ва шафқатсизликка қарши исён сифатида юз беради. Бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш, халқимиз маънавиятини асраш, юксалтириш, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ҳамда мафкуралар таъсиридан сақлаш, шунингдек, уни ҳимоя қилиш масалалари алоҳида эътиборга моликдир. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўш

лиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ҳамда онгида соғлом турмуш тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик давриданоқ шакллантириш муҳим вазифа. Шахсни маънавий-ахлоқий шакллантириш боланинг туғилиши билан бошланади ва у оиладаги маънавий муҳит, отаоналарнинг намунаси, умуммаданий савияси, таълим-тарбия жараёни, атроф-муҳит  ҳамда  жамият ҳаётини қандай ташкил этишдан иборат. Шу боис бу ота-оналар, мактабгача тарбия муассасалари, мактаблар, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, барча жамоат уюшмалари, давлат ташкилотлари, бутун жамиятнинг улкан ва сермашаққат ишидир.