Муаллим – миллатнинг юзи, Ватан истиқболининг асл бунёдкоридир

Халқимиз азалдан устозларни, умуман, кўпни кўрган, ақл-заковат ва меҳнати билан эл орасида танилган, қайси соҳада бўлмасин, ўз билими ва тажрибасини бошқаларга, хусусан, ёшларга ўргатган кишиларни алоҳида эъзозлаган. Бу эзгу анъана истиқлол йилларида юртимизда янгича маъно-мазмун касб этди.

Жамиятда педагогларнинг мавқеини янада юксалтириш, ёш авлодга чуқур билим бериши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда 1997 йилдан буён 1-октябрнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётгани муаллим зотига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Ўтган 25 йил юртимиз таълими тараққиётида беқиёс юксалтириш даври бўлди. Мустабид тизимдан қолган бирёқлама ўқитиш услубидан бутунлай воз кечилиб, таълим соҳаси тубдан  ислоҳ этилди. Ёшларнинг чуқур таълим-тарбия олиши ва касбий-малакавий тайёргарлигини талаб даражасида таъминлашга хизмат қилаётган 9+3 схемаси асосидаги 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим,  бакалавриатура ва магистратура йўналишларидан иборат олий таълим муассасаларининг юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Бу вазифаларни амалга оширишда педагогларнинг хизмати ғоят масъулиятли ва шарафлидир.

Таълим муассасаларида 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва байрамни юқори савияда ташкил этиш бўйича  қуйидагилар тавсия этилади:

  • байрам тадбирларини Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 8 сентябрдаги “1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 221-сонли буйруғи асосида ташкил қилиш;
  • байрам тадбирлари сценарийлари мазмунига Давлатимиз мустақиллигининг 25 йили давомида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, айниқса таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобидаги таълим-тарбия соҳаси билан боғлиқ концептуал ғояларни сингдириш;
  • “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” байрами тантаналарига, ҳокимият, халқ таълими ходимлари, ёзувчи- шоирлар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, фахрий устозларимиз, «Маҳалла», «Устоз», «Олтин мерос» жамғармаларини ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон Қаҳрамони ва бошқа давлат мукофоти соҳиблари, «Йилнинг энг яхши фан  ўқитувчиси» кўрик-танлови ғолибларини,  ўқитувчилар сулоласини, чет элда ўз малакаларини ошириб қайтган  ўқитувчилар ва таълим тизимига ҳомийлик қилаётган тадбиркорларни жалб қилиш;
  • барча таълим муассасаларида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, байрамни муносиб нишонлаш бўйича “Байрамингиз муборак, азиз Устозлар!” мавзусида туркум тадбирлар (давра суҳбатлари, анжуманлар, кўргазмалар ва ҳ.к) режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Режада байрамни кўтаринки руҳда тантанали нишонлаш, фан, маданият арбоблари билан давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиш, байрамга бағишланган мавзуларда иншолар танловини, спорт мусобақаларини ўтказиш ва ғолибларни байрам тантанасида тақдирлаш;
  • умумхалқ байрами арафасида ўқитувчи ва мураббийларни улуғловчи, мактабнинг улуғ даргоҳ эканлигини тарғиб қилувчи, ўқувчиларни билим ва ҳунар сирларини пухта эгаллашга даъват этувчи чақириқлар, шиорлар ва тасвирий воситалар (пано, баннер) билан безатиш;
  • таълим муассасаларида узоқ йиллар меҳнат қилган халқ таълими фахрийларининг ҳолидан хабар олиш, уларни байрам муносабати билан табриклаш, байрам совғаларини топшириш тадбирларини  ўқувчилар иштирокида тантанали равишда ташкил этиш;

 “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган байрам тадбирлари: дарс, тарбиявий соат, семинар-кенгаш, адабий-бадиий, илмий кечалар, учрашув ва давра суҳбатлари шаклида ўтказилиши мумкин.

 Тадбирни ўтказишда фойдаланиш мумкин бўлган Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг  шиор даражасига кўтарилган ҳикматли сўзлар ва ибораларидан намуналар

  • Жаҳолат – маърифатнинг кушандаси;
  • Инсон қалбига йўл аввало таълим-тарбиядан бошланади;
  • Давр бизнинг олдимизга қўяётган талабларни билиш, уларни чуқур англаш учун албатта замонавий билим зарур;
  • Мактаб – тараққиётнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг калитидир;
  • Таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан ажратиб бўлмайди;
  • Илму маърифат зиёси ҳеч қачон сўнмайди;
  • Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг      ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир;
  • Устозлар – азиз юртнинг энг азиз, энг улуғ ва мўътабар кишиларидир.

 Байрамингиз муборак, азиз Устозлар! номли тадбир СЦЕНАРИЙСИ

 Мактаб зали ва саҳнаси байрамона безатилган. Зал ўқитувчи-мураббийлар ҳақида ҳадислар, алломалар сўзлари, халқ ҳикматларидан намуналар, гуллар, шарлар ва байрамга бағишлаб ўқувчилар томонидан чизилган деворий газеталар билан жиҳозланган.

       Пўлат Мўмин сўзи, халқ куйи асосида яратилган Устозлар” қўшиғини мусиқа жўрлигида бир ўқувчи ижро этади.   Байрам тадбирига таклиф этилган меҳмонлар, устозлар ҳурмат билан кутиб олиниб, залда ҳозирланган жойларга ўтказилади.

            (Мактаб раҳбари  барчани байрам билан қутлаб, кечани очиқ деб эълон қилади).

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мамлакатимизнинг бош қўшиғига жўр бўлади.

      ( Саҳнага байрам тантанасини олиб борувчи қиз ва йигит байрамона либосларда чиқишади.Устозларни мадҳ этувчи чиройли шеърлар ўқилади).

Қиз: — Ассалому алайкум, азиз ва мўътабар устозу, мураббийлар!

Йигит: — Ассалому алайкум, қадрли меҳмонлар ва мактабдошлар! Бугунги шодиёнамиз — улуғ устозларимиз байрамига бағишланган “Байрамингиз муборак, азиз Устозлар!” деб номланган тантанали кечамизга хуш келибсиз!

Қиз: — Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, буюк келажагимиз — Ўзбекистонга фидокорона хизмат қилаётган, унинг юксак ва қудратли бўлиши учун меҳнат қилаётган, давлат ва миллат манфаатларини юракдан ҳис этаётган азиз устозлар!

Йигит: — Ўз иқтидори билан она юртни улуғлашга қодир, истеъдодли ва садоқатли, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда ўз зиммасига катта масъулиятни олган меҳридарё муаллимлар ва мураббийлар! Сизларни улуғ айёмингиз билан муборакбод этамиз.

       (Ҳаваскор ўқувчилар «Дилхирож» халқ куйини ижро этадилар. Бунга миллий либосда ўғилқизлар рақсга тушадилар).

Қиз: —Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.

Йигит: — Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот — бу ўқитувчи ва мураббийлардир.

Қиз: — Йирик давлат арбоби Амир Темур уч ҳолатда ихтиёрсиз отдан тушар экан: устозини учратиб қолганида, нон бўлакларини ерда кўрганида ва қабристон ёнидан ўтаётганида. Демак, Соҳибқирон муаллимларга нисбатан жуда ҳурматда бўлган. Шунинг учун ҳам буюк бобомиз Амир Темур ўз жасадини устози Мир Саид Барака қабри пойига қўйишларини васият қилган. Бу улуғ зотнинг қалбидаги бундай эзгулик ва инсонийлик ҳислатларини ота-онаси ва устозлари тарбиялагани барчамизга тарихий манбалардан маълум.

Йигит: — Ҳа, ўқитувчилик азал-азалдан эътиборли касб ҳисобланади. Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида ўқитувчи-мураббийларга нисбатан бу қадар эътибор қаратилмаган, эъзозланмаган. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Фармони билан 1997 йилдан бошлаб 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Халқимиз ҳам ўқитувчи ва мураббийларни қадрлаб, ҳақли равишда «Устоз отангдек улуғ», дея буюк зотга эҳтиром кўрсатамиз. Биз шогирдлар ҳам ушбу ибратга чин дилдан амал қиламиз.

                                   «Ота каби, она каби ким азиз, —

                                   Деб сўрсангиз», дейман доно муаллим.

                                   Арзир сочсак бошларидан тилло, зар,

                                   Ўзи жаҳон, ўзи дунё муаллим.

                                                           (Нормурод Нарзуллаев)

 (Оҳанграбо куй-наволар янграйди, турли мукофотларга сазовор бўлган устозлар ва шогирдлар рақсга тушиб, эсдалик учун суратга тушишади).

Қиз: — Бугунги кунда ёшларнинг ҳар томонлама камол топиши учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Айниқса, хорижий тилларни билиш, ўрганиш учун мамлакатимизда мустақилликнинг бир меваси сифатида бир нечта олий ўқув юртларининг ташкил этилганлиги катта тарихий воқелик бўлди.

Хусусан, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан буён олий ўқув юртлари сони 2 марта ошди. Бугунги кунда 60 та университет ва институтда 230 минг нафардан зиёд талаба илм-фан сирларини билиш билан бирга, турли халқларнинг нафақат тили, балки тарихи, маданияти, маънавияти, урф-одатлари билан ҳам яқиндан танишмоқда.

Йигит: — Ўзбекистон Республикаси таълим даражаси бўйича дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан бир қаторда туради. Маданият, санъат, спорт халқ ва давлатни дунёга тезроқ танитадиган ўзига хос соҳадир.

Фақат сўнгги беш йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилиб, реконструксия қилинди, бугунги кунда 2 миллион нафар фарзандимиз, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизларимиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Жорий йилнинг 5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медални қўлга киритди.

Қиз: — Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этишга доир таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 1999 йил 10 июнда  Фармон чиқарди. Бунинг натижасида ёш иқтидорли қизларга фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат йўналишларида давлат мукофоти берилди.

Санъат соҳасидаги қобилиятли ёшларга тақдим этиладиган Республика “Ниҳол” мукофоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 августдаги Қарорига асосан таъсис этилган. Ёш истеъдодларни кашф этишда “Ниҳол” мукофотининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта бўлиб, бугунги кунга қадар ўнлаб ёшлар ушбу мукофотга сазовор бўлдилар.

Йигит: —  2016 йилнинг 13-14-август кунлари Сингапурда математика бўйича ўтказилган халқаро мусобақада дунёнинг турли бурчакларидаги мактабларда таҳсил оладиган 780 нафар ёш математика билимдонлари қатнашди. Ўзбекистоннинг 5 нафар вакили СИМО-2016 ғолиблари қаторидан жой олиб, олтин медал нишондори бўлишди. Шунга ўхшаш ёшларимиз эришган ютуқлардан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин.

(Ўқувчилар Ш.Саттор сўзи, Шермат Ёрматов мусиқаси асосида яратилган “Муаллим” қўшиғини мусиқа жўрлигида ижро этишади).

Йигит: — Қадрли устоз! Ҳаёт китобини очувчи Сизсиз. Яхши-ёмон кунларимизнинг кузатувчиси ҳам Сиз. Сизни кўриб шодланамиз, Юрагимиз, қалбимиз билан Сизга талпинамиз устоз!

Мабодо ҳаётда қоқилсак, хато қилиб қўйсак уларни тўлдирувчи, тузатгувчи, унутгувчи ҳам сизсиз, азиз, муаллим.

Қиз: — Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк зот. Зотан ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тета-поялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган.  Ўқитувчи — машъала. У ўзи ёниб, ўзгалар йўлини ёритишга умрини бағишлаган фидойи инсондир.  Муаллим — матонат тимсоли. У меҳр-муҳаббат, эзгулик рамзи. Зеро, боланинг мурғак қалбига эзгулик уруғини қадаган, илмга ташналик, ота-она, Ватанга меҳр ҳиссини уйғотадиган хокисор инсон — оддий ўқитувчидир.

Йигит: — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлида катта ҳисса қўшган, ёш авлодни ватанпарварлик ва халқига садоқат, она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун ҳар йили юзлаб таълим соҳаси ходимлари давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлишади. Мана шундай юксак мукофотларга эга бўлган педагогларни яна бир бор муборакбод этамиз.

                       

                    (Кадрлар тайёрлаш миллий дастури вазифаларини амалга ошириш, таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, ёш авлод қалби ва онгига миллий ғояни сингдириш борасида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган, Давлат мукофотига сазовор бўлган устоз-мураббийларнинг рўйхати ўқиб эшиттирилади. ХТВ, ВХТБ, ТШХТБ томонидан тармоқ мукофотлар, эсдалик ва қимматли совғалар ҳам  тантанали равишда устоз-мураббийларга  топширилади. Ёш ўқитувчилар уларга гулдасталар тақдим этишади).

    

Қиз: — Азиз устозлар, сизни эъзозламаган шоир, таърифламаган шогирд топилмаса керак. Сизни юлдузларга қиёс этгим келади. Негаки, юлдуз қоронғу тунни эритса, сиз чуқур билимингиз билан шогирдларингиз дилини эритасиз.

Йигит: — Таълим берган устози яшаган уй олдидан

             Шогирд пошшо бўлса ҳам тушиб ўтар отидан.

             Бундай ибрат топилмас тарихлар бисотидан,

             Эй миллат муаллими, закий ва донишманд зот,

             Сиздан дарс олиб ўсар озод ва эркин авлод.

                                                                     Саъдулла Ҳаким

Қиз: — Муаллим шундай зотки, у инсониятни илм безаги билан зийнатлайди. Инсонни ҳақиқий комиллик даражасига етказувчи билим хазинасини уларнинг қалбларига жойлайди.

Йигит: — Муаллим! У дунёдаги жамики инсонларни маърифат сари етакловчи, қалбларни билим ва тафаккур нури ила ёритувчи камтарин ШАХСдир. Ана шундай заҳматли, айни дамда шарафли касб эгалари – азиз ўқитувчи ва мураббийларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этамиз!

Қиз: — АЗИЗ УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР! Барчангизга 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муборак бўлсин! Мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотларни янада изчил давом эттириш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, милллатимиз ва халқимизга садоқат руҳида тарбиялашдаги сермашаққат ва шарафли касбингизда омад ҳамда зафарлар ёр бўлсин!

(Устозлар учун шўх куй ва қўшиқлар ижро этилади, ўқувчилар устозларни рақсга таклиф этишади).    

Ижтимоий, иқтисодий билим асослари
ва маънавий-маърифий ишлар бўлими
бош методисти Омонова Муқаддас Бобомуротовна

No comments yet.

Fikr qoldirish