ЎҚИТУВЧИ КАСБИЙ КОМПЕТЕНТЛИГИ- ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ МАСАЛАСИНИНГ ҲАЛ ЭТУВЧИ ОМИЛИ СИФАТИДА

Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишлардан бири миллий қадриятларимиз, эзгу ғояларимиз асосида мустақил фикрлайдиган, жамиятга муносиб, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, ўз соҳаси бўйича рақобатбардош ёшларни тарбиялашдир.

«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» нинг 4-бўлимидаги «Кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари» бандида «… илғор педагогик технологиялар, таълимнинг янги шакл ва услублари, ўқув, шу жумладан дифференциялашган дастурлар амалиётга жорий этилади»- деб вазифа қўйилгани бежиз эмас.

Тобора ҳал этувчи кучга айланиб бораётган ёшлар таълим-тарбияси масаласи ўқитувчи-педагог зиммасига юклатилган бўлиб, айнан ўқитувчи ўқувчиларда мустақиллик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, ташаббускорлик, медиаресурслар ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида оқилона фойдалана олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, соғлом рақобат ҳамда умуммаданий кўникмаларини шакллантиради.

Бундай талаблар кўплаб давлатларнинг бўлажак мутахассисларга қўйиладиган ўзига хос ва турли талабларининг уйғунлашиб маълум даражада умумийлашишига олиб келмоқда. Аммо, таълим муассасалари битирувчилари ҳар доим ҳам ўз билимларини амалиётда, яъни ҳаётий, ижтимой-иқтисодий ва касбий фаолиятда қўллай олишмаяпди. Компетенциялар инсонда маълум ёшгача номоён бўлмаслиги мумкин, аммо бу уларни ўқувчида илк ёшдан шакллантириш шарт эмас деб қабул қилинмаслиги керак.

Бу муаммони ҳал қилиш мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги ўзига хос тажрибаси, ривожланган давлатлар таълим тизимларининг ютуқ ва тажрибаларини эътиборга олган ҳолда ўқувчиларда компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган янги Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, уларни илмий жиҳатдан асослашни ҳамда таълим тизимида босқичма-босқич жорий этиш механизмини назарий ва амалий жиҳатдан такомиллаштириш эҳтиёжини келтириб чиқарди.

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, баркамол шахсни тарбиялашга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта, ўрта махсус касб-ҳунар таълимида (9+3) ўқитиладиган умутаълим фанлари бўйича янги компетенциявий ёндашувга асосаланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини жорий этиш маслалари Халқ таълими вазирлигининг 2016-2019 йилларда амалга ошириладиган устувор вазифаларида белгилаб олинди. Бунда таълим-тарбия мазмунининг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш мақсадида таянч компетенциялар (бугунги кунда тажриба тадқиқотдан ўтказилаётган компетенциялар: Коммуникатив, Ахборот билан ишлаш, Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш, Ижтимоий фаол фуқаролик, Умуммаданий, Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш) ҳамда таълимда ҳар бир ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида ўқувчиларда, шу фаннинг ўзига хослиги, мазмунидан келиб чиққан ҳолда, соҳага тегишли фанга оид компетенцияларни шакллантириш назарда тутилган. Бу вазифани амалга ошириш учун педагог кадрларимиз тайёрми, бунинг учун ўқитувчининг ўзида қандай компетенциялар шаклланган бўлиши керак? Замонавий ўқитувчи, маҳоратли ўқитувчи… – компетентли ўқитувчими? У қандай талабларга жавоб бериши лозим? каби кўплаб саволлар туғилиши табиий. Ўқитувчининг касбий компетентлиги талабларидан айримларини кўрсатиб ўтамиз:

– давлат таълим стандартига мос келадиган таълим – тарбия мақсадини аниқ ва равшан белгилаши керакки, натижада маълум вақт ичида унга эришишни таъминлайдиган ижобий натижа тўғрисида хулоса қилиш мумкин бўлсин;

– ўқув-тарбиявий жараён мазмунини Давлат таълим стандарти талаблари ва ўқув дастури бўйича чуқур эгаллаши, мунтазам равишда ўз педагогик маҳоратини илмий-техникавий тараққиёт талабларига мос ҳолда ривожлантириб бориши лозим;

– Дидактик жараённи амалга ошириш талаблари билан таниш бўлиши керак: бу – жадаллаштириш ва табиатан монандлик талабидир. Жадаллаштириш дидактик масалаларни маълум вақт доирасида бир мунча тез ва юқори савияда еча оладиган метод ва усулларни қўллашни талаб этади. Таълим ва тарбияда бу талабни аниқлаб берувчи омил-ўқувчиларнинг маълум компетенцияларни ўзлаштириш тезлиги ҳисобланади. Иккинчиси ўқув-тарбиявий жараённи шундай ташкил этишга асосланганки, бунда мумкин қадар ўқувчиларнинг кенг доирада таянч ҳамда фанга оид компетенцияларни эгаллашига имкон туғдирадиган ва уларнинг компетентлигини ривожлантира оладиган бўлиши шарт.

– ўқув-тарбия жараёнини амалга оширишда ўқитишнинг самарали шаклларидан фойдалана олиши керак. Ўқитишнинг ташкилий шакллари ва воситалари тўғри танланиши педагогик жараён элементларининг маълум қонуният асосида бир-бирлари билан боғлиқ ҳолда таъминлаш.;

– ўқув-тарбия жараёнида ўқувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ахборот хавфсизлигини таъминловчи ижобий психологик-педагогик шарт-шароитни яратиш;

– ўқувчининг таълим мазмуни ва тарбия таъсирини яъни компетенцияларни қай даражада эгаллаётганлигини энг мақбул усуллар ёрдамида доимо назорат қилиб бориши лозим. Бу тўғрида олинган ахборотлар эса педагогик жараённи мақсадга мувофиқ тарзда бошқариш имкониятини беради.

Ўқувчиларда компетенцияларни, компетентликни шакллантириш ва ривожлантириш фақат ўқитувчи томонидан ёки фақат таълим муассасасида амалга оширилмайди. Бу жараён оилада, атроф-муҳитда, жамоада ва инсон иштирокидаги барча вазиятларда юз беради ва унинг бутун ҳаёти мобайнида давом этади. Демак, фарзандларимизнинг компетентли бўлиши учун ҳар биримиз ўз соҳамиз, касбимиз бўйича компетентли бўлмоғимиз лозим.

Меҳринисо Пардаева- Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги,
Республика Таълим маркази директори ўринбосари

No comments yet.

Fikr qoldirish