Markaz haqida

Республика таълим маркази

 УСТАВИ

 I. Умумий қоидалар

       1. Республика таълим маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларининг методик таъминотини амалга оширувчи давлат ташкилоти ҳисобланади.

    2. Марказ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор, фармон ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Халқ таълими вазирлигининг қарор ва буйруқлари ҳамда мазкур Уставга амал қилган ҳолда юритади.

        3. Марказ Халқ таълими вазирлигининг бошқарма ва бўлимлари, Қ. Ниёзий номли Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий – тадқиқот институти, таълим муассасалари, педагогика олий ўқув юртлари, педагогик ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ҳамда бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади.

         4. Марказ таълим, фан, техника ва технология, иқтисодиёт ва маданият ютуқларини инобатга олган ҳолда умумий ўрта таълим мактаблари, ёрдамчи мактаб ва мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари учун замонавий ўқув режа, дастур, дарслик ва методик адабиётлар яратилишини мувофиқлаштиради.

       5. Марказда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг қўшма буйруғи асосида ташкил қилинган фан ва йўналишлар бўйича Илмий-методик кенгашлар фаолият олиб боради.

       6. Марказнинг моддий–техник таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш давлат бюджети ҳамда қонун доирасидаги бошқа қўшимча даромадлар ҳисобидан амалга оширилади.

     7. Марказ юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби акс этган муҳр, тамға, тижорат банкларнинг тегишли бўлимида ҳисоб рақамига эга бўлади.

 II. Марказнинг вазифалари

         8. Марказнинг вазифаси ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тасарруфидаги Методика марказларига, туман (шаҳар) методика кабинетларига, таълим муассасаларига ўқув жараёнини такомиллаштириш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасида методик хизматни мувофиқлаштириш;

– умумий ўрта таълим муассасаларида Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурларининг ижросини, таълим-тарбия ва методик хизматнинг аҳволини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича методик кўрсатма ва тавсиялар бериш;

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги “Умумтаълим мактабларини дарсликлар билан таъминлашни такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–362-сонли қарори асосида умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг ҳар ўқув йили учун нашр режаси лойиҳаларини тайёрлаб, Халқ таълими вазирлигига тақдим этиш;

– ўқувчиларнинг ДТС ва ўқув дастурини ўзлаштириш сифат даражасини аниқлаш, таҳлил килиш ва бўшлиқларни тўлдириш юзасидан методик ёрдам кўрсатиш;

– қайта нашр этиладиган, қайта ишланадиган ва янги яратилган дарслик, ўқув-методик қўлланмаларни экспертизадан ўтказиш ишларини ташкил қилиш;

– умумий ўрта таълим мактаблари учун ўқув-методик қўлланмалар, методик тавсиялар, дарс ишланмалари, плакатлар яратиш ишларини ташкил этиш ва уларни ўқув жараёнига татбиқ этишда услубий ёрдам кўрсатиш;

– умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, мактаб фан методбирлашмалари, туман (шаҳар) методика кабинетлари илғор тажрибаларига оид материалларни Илмий-методик кенгашда муҳокама қилиш, методик тавсияларни нашрга тайёрлаш;

– таълим муассасаларини аттестация ва аккредитацияга тайёрлаш;
умумий ўрта таълим мактабларида “Фан ойликлари”ни ўтказиш бўйича тавсиялар яратиш, ойлик якунлари бўйича натижаларни  умумлаштириш, таълим-тарбия масалаларига оид Республика анжумани, илмий-амалий семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

– методик таъминотга бўлган эҳтиёжни ўрганиш, дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва зарур ўқув жиҳозлари рўйхатини тузиш, дарсликларнинг мазмунан Давлат таълим стандартлари талабларига мос келишини таъминлаш;

– фан ва йўналишлар бўйича Илмий-методик кенгашлар фаолиятини ташкил этади ва уларда Давлат таълим стандартлари, ўқув дастури, дарслик, методик ва кўрсатмали қўлланмалар, тавсиялар ҳамда бошқа методик материалларни муҳокамадан ўтказиш ва нашрга тавсия этиш;
Халқ таълими вазирлиги кўрсатмалари асосида ўқув адабиётларини яратиш бўйича муаллифлар таркиби танловини ва ўқув адабиётларининг танлови ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, танловни ташкил этишда амалий ёрдам бериш;

– Методика марказлари ва туман (шаҳар) методика кабинетлари фаолиятини таълим муассасаларида таълим-тарбия самарадорлигини оширишга, педагогик жараённи такомиллаштиришга йўналтириш, илғор педагогик тажрибаларни ўрганиш ва уларни  оммалаштириш;

– педагогик фан ютуқлари ва илғор педагогик тажрибалар, миллий истиқлол ғояси, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ўқувчи-ёшларда маънавий-аҳлоқий сифатларни шакллантиришга қаратилган методик тавсиялар яратиш;

– ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий этишда методик ёрдам кўрсатиш;

– ихтисослаштирилган ва айрим фанлар чуқур ўрганиладиган мактаблар ва синфлар учун ўқув режа, дастур, дарслик ва методик адабиётларни яратиш бўйича Халқ таълими вазирлигига таклиф киритиш;

– вилоят, туман (шаҳар) методика кабинетлари ходимлари учун методик хизмат тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган семинар-ўқувлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

– умумий ўрта таълим мактаблари фан хоналарини жиҳозлаш, физика, кимё, биология ва бошқа фанлари учун яратилиши лозим бўлган ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича методик тавсиялар яратиш, малака ошириш институтлари билан ҳамкорликда ўқитувчилар учун шу мавзуда  ўқувлар ташкил қилиш;

– А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ ва ВПХМОИларда ташкил этилган ўқув курсларида таълим мазмунидаги янгиликлар тўғрисида маърузалар билан қатнашиш, ҳамда семинар тренингларни ҳамкорликда ташкил этиш;

– умумий ўрта таълимни такомиллаштириш йўналишлари бўйича тайёрланган номзодлик (докторлик) диссертацияларининг амалиётга татбиқ этилганлиги тўғрисида хулосалар бериш;

– белгиланган тартибда Ўзбекистонда таълим йўналишида фаолият кўрсатаётган ва бошқа халқаро ташкилотлар (ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва бошқалар) билан алоқа ўрнатиш;

– таълим–тарбияга оид муҳим муаммолар юзасидан тажриба-синов ишларининг олиб борилишини ташкил этиш, педагогик фан ютуқларини таълим муассасалари амалиётига жорий этишга йўналтирилган тадбирлар ўтказиш;

– умумий ўрта таълим муассасалари якуний аттестацияси учун материаллар тайёрлаш ва жойларга етказиш;

– Халқ таълими вазирлигининг тегишли бошқарма ва бўлимлари, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда Давлат таълим стандарти талаблари асосида ўқувчиларнинг билимини аниқлаш бўйича назорат  ишларини тайёрлаш, мониторингини амалга ошириш ва аниқланган бўшлиқларни тўлдиришга оид тавсиялар ишлаб чиқиш, педагог кадрларнинг узлуксиз малака оширишида “Устоз-шогирд” мактаби фаолияти мониторингини олиб бориш, методик ёрдам бериш, шунингдек, ўқувчиларнинг Республика фан олимпиадалари, “Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг Давлат таълим стандартларини ўзлаштириш мониторинги ва фанлар бўйича билимлар синовлари”, “Йилнинг энг яхши мактаби”, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йил педагоги”, “Йилнинг энг яхши методисти” ва бошқа кўрик-танловларни ўтказиш, халқаро олимпиадаларга ўқувчиларни танлаш ва тайёрлашда иштирок этиш, мазкур тадбирларни ўтказиш бўйича меъёрий ҳужжатлар, тартиб, тавсиялар, тест-синов, ёзма иш, амалий топшириқлар ва баҳолаш мезонларини тайёрлаш.

III. Марказнинг ҳуқуқ ва бурчлари 

9. Марказ ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– ўзининг ваколати доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят халқ таълими бошқармаларига таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, узлуксиз методик хизматни яхшилаш ва ушбу Низомда кўзда тутилган вазифалар бўйича топшириқ ва кўрсатмалар бериб, ҳисоботлар олади;

– ўқув режа, дастур, дарслик, ўқув-методик адабиётларни такомиллаштиришга оид, шунингдек, Марказ фаолияти доирасидаги бошқа масалаларни Халқ таълими вазирлиги муҳокамасига тақдим этади;

– Илмий кенгаш режасига киритилган масалалар, ҳамда Марказ ва бўлимлар иш режасининг ҳисоботини, шунингдек ўзининг фаолиятига тегишли бошқа масалаларни муҳокама қилади;

– Марказ фаолияти доирасидаги масалаларни ўрганиш мақсадида ходимларни ҳудудий таълим бошқарув органлари, Методик марказ ва кабинетларга, таълим муассасаларига хизмат сафарига жўнатади;

– халқ таълими тизимидаги тажрибали ходимларни ва педагогларни, фан мутахассисларини муаллифлик ишларига (зарурат туғилганда шартнома асосида) жалб қилади;

– таълим муассасалари учун методик тавсиялар, дарс ишланмалари ва ўқитувчилар учун зарур бўлган бошқа қўлланмаларни нашриётлар орқали шартнома асосида чоп эттириб, Марказ ҳисобига бюджетдан ташқари маблағ топиш ишларини ташкил этади;

– Марказ ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун белгиланган тартибда вазирлик тасарруфидаги ташкилотлардан, худудий халқ таълими бошқармаларидан ва ўқув юртларидан зарур ахборотларни олади.

– Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги Методика (таълим) маркази директори  лавозимига номзодларни тасдиқлашда уларни иш тажриба ва малакасини ўрганиб таклиф киритади;

– Марказ ўз кичик босмахонасига эга бўлиб, Унитар корхонасини очиши мумкин. Марказ Унитар корхона учун таъсисчи вазифасини ўтайди Марказ Унитар корхонаси билан икки томонлама шартнома тузади. Корхона шартномага асосан Марказнинг «Молия-иқтисод ва хўжалик ишлар бўлими»га ҳар ойда  амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот топширади. Берилган асосий восита ва инвентарларни  сақлаш ҳамда таъминлаш ишларини бажаради. Унитар корхона ҳисоб рақамига тушган маблағи ҳисобидан, ҳар ойда Марқазнинг махсус ҳисоб рақамига 10% ни ўтказади.

– Марказ Давлатнинг таълим-тарбияга оид сиёсатининг умумий ўрта таълим муассасаларида амалга оширилишини таъминлашга, Давлат таълим стандарти талабларининг бажарилишига, ўқув режалари, дастурлар, методик адабиётлар билан таъминланишига, шунингдек зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросига масъулдир.

 IV. Марказнинг таркибий тузилиши 

10. Марказнинг таркибий тузилиши Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

11. Марказ таркиби ўз мақсад ва вазифаларини бажариш учун фаолият кўрсатувчи бўлимлардан иборат бўлиб, улар директор томонидан тасдиқланган вазифалар тақсимоти асосида фаолият кўрсатади.

12. Марказ ҳузурида ўқув фанлари ва йўналишлари бўйича Илмий-методик кенгашлар ташкил этилади. Илмий-методик кенгашлар Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг қўшма буйруғи билан тасдиқланган Низом асосида фаолият кўрсатади.

 V. Марказни бошқариш 

13. Марказга Халқ таълими вазирлиги томонидан тайинланган директор раҳбарлик қилади.

Марказ директори:

– Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент қарорлари ва фармонлари, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг таълимни такомиллаштиришга оид қарор ва кўрсатмаларининг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан Марказга юклатилган вазифаларнинг бажарилишига умумий раҳбарлик қилади.

– Марказ бўлимлари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, малака ошириш институтлари, олимлар ва мутахассислар ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди, дарслик, ўқув-методик қўлланмалар яратиш режаси ижросини мувофиқлаштириб боради.

– Марказ Илмий кенгаши фаолиятини бошқаради, Марказ Уставига биноан меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг умумий назоратини юритади. Директор амалдаги қонунлар, кўрсатмалар ҳамда юқори ташкилот қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида буйруқ ва кўрсатмалар беради.

– Ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, дарслик, ўқув-методик адабиётлар яратиш масалалари бўйича фуқаролар мурожаатларининг ҳал этилишини таъминлайди. Республика фан олимпиадаларини тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этади. Марказга ажратилган бюджет маблағлари ва бошқа тушумлардан тўғри фойдаланишни таъминлайди.

– Директор Марказ номидан юридик шахслар, ташкилотлар, турли хорижий фирмалар билан шартномалар тузади, ишонч қоғозлари беради, турли йўналишлардаги давлат ва нодавлат жамғармалар билан ўзаро ҳамкорликда иш юритади. Марказ директори Ўзбекистон Республикаси банкларида Марказнинг ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқига эга;

– Меҳнат қонунчилиги талаблари асосида ходимлар билан меҳнат шартномасини тузади, уларни рағбатлантиради ёки уларга интизомий жазолар беради, меҳнат шартномасини бекор қилади.

14. Директорнинг биринчи ўринбосари малакали мутахассислардан Халқ таълими вазирлиги томонидан Марказ директори тавсиясига биноан тайинланади.

– Директорнинг биринчи ўринбосари:

– Марказнинг йиллик ва истиқбол иш режаларининг ўз вақтида сифатли бажарилишини назорат қилади;

– Фанлар бўйича ўқув-методик қўлланмалар яратиш, ўқитишнинг илғор технологияларини ўрганиш, оммалаштириш, методик ишларни йўналтириб бориш, маънавий-маърифий ишларни мувофиқлаштиради.

15. Директор ўринбосари малакали мутахассислардан Халқ таълими вазирлиги томонидан Марказ директори тавсиясига биноан тайинланади.

– Директор ўринбосари бириктирилган фанлар бўйича  ўқув-методик қўлланмалар яратиш, ўқитишнинг илғор технологияларини ўрганиш, оммалаштириш, методик ишларни йўналтириб бориш, таълим жараёнини ахборотлаштириш, Методика марказлари, кабинетлари ва бирлашмалари билан методик қўлланмалар информацион алмашувини мувофиқлаштириш, Давлат таълим стандартлари, дастурларини тажриба-синовдан ўтказаётган экспериментаторлар, улар фаолиятини бошқараётган Методика марказлари, кабинетлари ва бирлашмаларига умумий раҳбарлик қилади, фанларни чуқур ўргатишга ихтисослашган таълим муассасалари ўқув-услубий таъминоти масалалари билан шуғулланади.

16. Директорнинг нашр ишлари бўйича ўринбосари малакали мутахассислардан Халқ таълими вазирлиги томонидан Марказ директори тавсиясига биноан тайинланади.

– Бириктирилган фанлар бўйича фанларнинг ўқитилиши бўйича дарслик, ўқув-методик қўлланмалар яратиш, болалар спортини ривожлантириш, руҳий ёки жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълим-тарбиясининг ташкилий-услубий масалаларини мувофиқлаштириш,  услубий таъминот масалалари, таълим жараёни учун зарурий ўқув-кўргазмаларга қўйилган методик талабларни яратиш ишларини, амалий тадбирларни, кўргазмаларни ташкил этади. Илмий-методик кенгашлар, муаллифлар ва нашриётлар билан олиб бориладиган ишларни мувофиқлаштиради. Дарсликларни нашриётлар ва муаллифлар иштирокида қайта ишлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ҳукумат комиссиясига тақдим этиш учун тайёрлашга масъул ҳисобланади.

17. Марказда директор, унинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ва тажрибали методистлардан иборат Илмий кенгаш таркиби тузилади. Илмий кенгаш директор томонидан тасдиқланган режа асосида фаолият кўрсатади.

  VI. Марказ ходимларининг асосий меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

18. Ҳар бир ходим:

– хавфсизлик, тозалик талабларига жавоб берадиган иш шароитларига;

– иш билан боғлиқ бўлган  ҳолда саломатлигига етказилган шикастнинг қопланишига;

– тенг меҳнати учун, ҳеч қандай чеклашларсиз ва Қонун билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаган миқдорда, тенг рағбатлантирилишга;

– иш куни давомида, ўртанилган тартибда таъминланадиган, дам олишга, ҳафталик дам олиш куни, шуниндек ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили берилишига;

– касаба уюшмалариа бирлашишга;

– ёши бўйича, шунингдек, меҳнат қобилиятини, боқувчисини йўқотган ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда, ижтимоий ҳимоя қилинишга;

– суд жараёнида, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига ва малакали юридик ёрдам кўрсатилишига;

– таълим муассасаларида иш вақтит ҳисобидан ҳафтасига 6 соат дарс беришга;

– жамоалара доир меҳнат низоларида ўзининг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақлидир.

19. Ходим:

– хизмат вазифаларини виждонан бажаришга;

– меҳнат интизомига риоя қилишга;

– мол-мулкка ва жиҳозларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга;

– ўрнатилган меъёрдаги иш ҳажмини бажаришга;

– марказда белгиланган ишлар ва ҳужжатларни сақлаш тартибига риоя қилишга, иш юритиш тартибида белгиланан қоидаларни бажаришга ва мазкур Уставга риоя қилишга мажбурдир.

– Ҳар бир ходимнинг мутахассислиги, малакаси ёки лавозими бўйича бажариладиган вазифалар кўллами, ўртатилган тартибда тасдиқланган хизматчилар лавозимининг ягона тариф-малака қўлланмаси, техник қоидалари, лавозим йўриқномалари билан белгиланади.

20. Директор иш берувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари:

– Бошқариш ва ўз ваколатлари доирасида мустақил қарорлар қабул қилиш;

– қонунчиликка биноан индивидуал меҳнат шартномалари тузиш ва уни бекор қилиш;

– ходимдан меҳнат шартномасида белгиланган ишларни тегишли тарзда бажаришни талаб қилишга ҳақлидир;

– Директор – иш берувчи  мажбуриятлари:

– ходимлар меҳнатини тўғри ташкил этиш, меҳнат шартномасида назоратда тутилган, тозалик ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган иш шароитларини яратиш;

– замонавий техник-жиҳозлар таъминлаган ҳолда ва меҳнатни илмий асосда ташкил этиш йўли билан меҳнат унумдорлигининг ўсиши учун шароитлар яратиб бериш;

– меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини ҳар тарафлама мустаҳкамлаш;

– ўрнатилган муддатларда иш хақини бериш;

– ходимларни ишлаш учун зарур бўлган ашёлар ҳамда материаллар билан таъминлаш;

– жамоада ишчанлик, ижодкорлик вазиятини барпо этишга имкон яратиш, ходимларнинг фойдали ташаббусларини қувватлаш, ходимларнинг мулоҳазалари ва таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиш, қабул қилинган чоралар ҳақида уларга маълум қилиш;

– ходимларнинг эҳтиёжи ва талабларига эътибор бериш, имкон даражасида уларга маиший-маданий шароитларни яратиб бериш.

21. Директор ўз мажбуриятларини тегишли холларда, Касаба уюшмаси билан биргаликда ёки у билан келишган холда амалга оширади.

 VII. Ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш

22. Ишга қабул қилиш иш берувчи ва ходим ўртасида икки нусхада меҳнат шартномаси тузиш йўли билан амалга оширилади ва у ҳар бир томонга бир нусҳадан сақлаш учун берилади.

23. Меҳнат шартномасида қуйидагилар белгиланади:

– иш жойи;

– ишга кирувчининг меҳнат фаолияти, мутахассислиги бўйича қайси лавозимда ишлаши;

– меҳнат хақи миқдори ва тўлаш шартлари;

– маълум муддатга тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати;

– ишни бошлаш санаси;

– меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан, санаси кўрсатилган ҳолда имзоланади.

24. Директорнинг имзоси Республика таълим марказининг муҳри билан тасдиқланади.

25. Ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 72- 87- моддаларига биноан амалга оширилади ва директорнинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси буйруқ қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

26. Тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига мос равишда ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Буйруқ ходимга, имзо чектириб олинган ҳолда, эълон қилинади.

27. Ишга қабул қилиш тегишли тарзда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъий назар, ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ходимга амалий ишга тушиши учун рухсат берилган кун, меҳнат шартномаси бошланган сана деб ҳисобланади.

28. Меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Ходим меҳнат шартномасида белгиланган кундан бошлаб, меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт.

29. Ишга қабул қилишда ишга кирувчи иш берувчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

– фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат, 16 ёшгача бўлган шахслар – туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома;

– меҳнат дафтарчаси (биринчи марта ишга кираётган шаҳслар бундан мустасно), ўриндошлик бўйича ишга кираётганлар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан маълумотнома тақдим этадилар;

– харбий гувоҳнома ёки харбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

– Олий ёки ўрта махсус ўқув юртини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом, махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар бажариши лозим бўлган ишларга мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома ёки бошқа тегишли расмий ҳужжат.

30. Ишга кирувчидан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатларини талаб қилиш ман этилади.

31. Беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга, амалдаги қонунчиликда ўрнатилган тартибда (Ўз.Р.Меҳнат Кодексининг 81-моддаси), меҳнат дафтарчалари юритилади.

32. Ходим ишга кираётганда ёки уни ўрнатилган тартибда бошқа ишга ўтказишда иш берувчи:

– ходимни топширилган иш, меҳнат шароити ва хақ тўлаш шароитлари билан таништиришга, унинг ҳуқуқлари ҳамда вазифаларини тушунтиришга;

– уни мазкур Устав билан таништиришга;

– техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, меҳнат гигиенаси ва ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқлар беришга, ҳамда тегишли қоидалар билан таништиришга мажбур.

33. Меҳнат шартномаси фақат қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин.

34. Ходимлар номаълум муддатга, шунингдек, аниқ муддатга тузилган меҳнат шартномаларини, муддати тугагунга қадар, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма шаклда огохлантирган ҳолда бекор қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

35. Огоҳлантириш муддати тугагач ходим ишни тўхтатишга хақлидир, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини топшириш ва у билан хисоб-китоб қилиши шарт.

36. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича меҳнат шартномаси огохлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақлидир.

37. Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ҳам ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом эттираётган бўлса, унда ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ўз кучини йўқотади.

38. Муддатли меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши билан бекор қилинади. Агар шартнома муддати тугагандан кейин ҳам меҳнат муносабатлари давом этаётган ва бир ҳафта давомида томонлардан ҳеч бири шартномани тўхтатишни талаб қилмаган бўлса, унда шартнома номуайян муддатга давом эттирилган деб ҳисобланади.

39. Номаълум муддатга, шунингдек, аниқ муддатга тузилган меҳнат шартномасини иш берувчи хоҳиши билан тўхтатишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

– ишни ташкил этишда ўзгаришлар бўлиши, ходимлар сонининг қисқартирилишига ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган иш хажмининг камайиши ёхуд ташкилотнинг тугатилиши ҳолларида (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, II-қисм 1-банди):

– ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи туфайли бажарилаётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, II-қисм 2-банди):

– ходимнинг айбли ҳаракатлари (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, II-қисм 3-4 бандлари).

40. Қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномасини иш берувчининг хоҳиши билан бекор қилишга йўл қўйилмайди:

– қонун хужжатларида ёки меҳнат тўғрисидаги бошқа меъёрий хужжатларда назарда тутилган тарзда ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги ёки меҳнат таътили даврида. Бу қоида ташкилот тўлиқ тугатилаётганда тадбиқ этилмайди;

– хомиладор ва уч ёшгача боласи бўлган аёлларнинг меҳнат шартномасини бекор қилишга, ташкилот тўлиқ тугатилишидан ташқари холларда, уни ишга жойлаштириш шарти билан йўл қўйилади.

41. Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилишга Республика таълим маркази касаба уюшмасининг розилигисиз йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган холлар бундан мустасно. Меҳнат шартномасини бекор қилиш Директор буйруғи билан расмийлаштирилади.

42. Бўшатилган куни иш берувчи ходимга буйруқ нусхаси билан бирга меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида ёзувни қайд қилган холда, меҳнат дафтарчасини топшириши ва у билан якуний хисоб-китоб қилиши шарт. Ишдан бўшатилган кун охирги иш куни ҳисобланади. 

VIII. Ходимларни рағбатлантириш

43. Ходимлар жамият ва давлат олдидаги алоҳида хизматлари учун давлат мукофотлари, Халқ таълими вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва бошқа тармоқ мукофотлари билан тақдирлашга тавсия қилинишлари мумкин.

44. Меҳнат вазифаларини намунали бажарганлиги, кўп йиллик, нуқсонсиз меҳнати ва ишдаги мувофаққиятлари учун қуйидаги мукофотлар қўлланилади:

– қимматбаҳо совға;

– фахрий ёрлиқ;

– тақдирлашга оид  ҳужжатлар директор буйруғи билан расмийлаштирилади.

 IX. Меҳнат интизомини бузганлик учун жавобгарлик

45. Меҳнат интизомини бузганлик, яъни ходимнинг айби билан унга юклатилган меҳнат вазифаларини бажарилмаганлиги ёки тегишли тарзда ижро этилмаганлиги қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилади:

– хайфсан эълон қилиш;

ўртача ойлик иш хақининг 30 фоизигача миқдорида, меҳнат вазифаларини қўпол бузилиши учун эса ўртача ойлик иш хақининг 50 фоизигача жарима белгилаш;

меҳнат шартномасини бекор қилиш.

46. Интизомий жазо сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиш ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун қўлланилиши мумкин.

47. Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий ёки моддий жавобгарлик чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади.

48. Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишига олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар:

– узрсиз сабабларга кўра иш куни давомида ишда бўлмаслик;

– таркибий тузилмалар ходимлари томонидан меҳнат вазифаларининг бажарилмаганлиги ёки тегишли равишда ижро қилинмаганлиги натижасида Марказда белгиланган қарорлари, буйруқ ва кўрсатмаларни барбод бўлиши.

– бевосита пул ёки моддий бойликлар билан хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан ножўя ҳаракатларнинг содир қилиниши. Агар бу ҳаракатлар ходимга нисбатан ишончни йўқотишга олиб келса ва жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш аломатлари бўлмаса.

– маст холда, наркотик ёки токсик мастлик холатида ишга келиш.

49. Ҳар бир ножўя ҳаракат учун битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин.

50. Интизомий жазо қўлланилгунга қадар ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилинади. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши содир этилган хатти-ҳаракати учун чора қўллашига тўсиқ бўла олмайди.

51. Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини хисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

52. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой, молиявий- хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди.

53. Интизомий жазо қўлланилганлиги тўғрисидаги буйруқ ходимга имзо чектирилган холда эълон қилинади.

54. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.

55. Меҳнат жамоасининг ёки бевосита директорнинг тавсиясига ёхуд ходимнинг ўз илтимосига биноан, иш берувчи интизомий жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга хақли. 

X. Марказда иш ва дам олиш вақт

56. Марказ ходимлари учун иш вақтининг меъёрий муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

57. Иш вақтининг бошланиши ва тугаши, дам олиш ва овқатланиш учун танаффус қуйидагича ўрнатилади:

-Ишнинг бошланиши соат 9.00 дан

-Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус соат 13.00 дан 14.00 гача

-Ишнинг тугаши соат 18.00 да

-Дам олиш кунлари – шанба ва якшанба.

58. Иш вақти хисобидан (ҳафтасига 6 соат) дарс бериш раҳбарият билан келишилган вақтда ўтказилади.

59. Байрам кунлари арафасида кундалик иш вақти муддати 1 соатга камайтирилади.

60. Ходимларни дам олиш ёки байрам кунлари ишга жалб қилиш ходимлар розилиги билан амалга оширилади ва бу кунлар ишлаб берилган соатларга тенг бўлган миқдорда бошқа дам олиш куни бериш билан қопланади ёки икки баравардан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.

61. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, ишга қабул қилиш вақтида ёки кейинчалик, тўлиқ бўлмаган иш вақти ўрнатилиши мумкин. 

XI  Марказ ишларини режалаштириш

62. Марказ фаолияти йўналишлар бўйича истиқбол ва йиллик режалар асосида олиб борилади.

63. Йўналишлар бўйича истиқбол режалар Халқ таълими вазирлигининг мақсадли дастурлари ёки йўналиш бўйича долзарб масалаларни, муаммоларни ҳал этиш, йиллик режа эса Марказ вазифаларидан келиб чиқиб барча бўлимларнинг йиллик режага киритган таклифлари асосида ишлаб чиқилади.

64. Режага киритилган масалаларни ўзгартириш, тўлдириш, унга қўшимча киритиш ёки режадан чиқариб ташлаш Марказ директорининг рухсати билан амалга оширилади.

65. Иш режасида белгиланган тадбирларни бажариш вақти, унга масъул бўлиб, унинг раҳбари кўрсатилади.

66. Бўлимларнинг иш режалари Марказ директорининг тегишли ўринбосарлари, ходимларнинг иш режалари эса бўлим раҳбарлари томонидан кўриб чиқилиб тасдиқланади.

67. Марказнинг тегишли бўлим бошлиқлари Вазирликка киритиладигин ҳар бир масалани асосланганлиги, сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги, вазирлик тизимидаги тегишли ташкилотлар билан келишиб олинганлиги учун шахсан жавобгардир. 

XII Марказда Илмий кенгашларни тайёрлаш ва ўтказиш 

68. Ўқув дастурлари, дарсликлар, қўлланмалар, ўқув ва услубий масалалар бўйича хулосалар тайёрлаш, педагогика фани ютуқлари, илғор тажрибалардан фойдаланиш, таълим тараққиёти учун катта самара берадиган янгиликларни жорий этиш бўйича тавсиялар, йўлланмалар тайёрлаш ва бошқа муҳим педагогик масалаларни амалга ошириш бўйича директор, унинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ва Марказнинг бошқа раҳбар ходимларидан тўққиз кишидан иборат Илмий кенгаш ташкил этилади.

69. Илмий-кенгаш Марказнинг йиллик иш режасига асосан белгиланган масалаларни ҳар ойнинг 3-жума куни муҳокама қилади.

70. Илмий кенгашни Марказ директори, у бўлмаган тақдирда директор ўринбосарлари чақиради ва ўтказади.

71. Илмий- кенгашнинг кун тартиби ва унда муҳокама этиладиган масалалар Кенгаш ўтадиган кундан камида 10 кун олдин тайёрланади ва директор, у бўлмаган тақдирда директорнинг биринчи ўринбосари томонидан маъқулланади. Кенгаш муҳокамасига киритилган масалалар ва унинг кун тартиби кенгаш аъзоларига кўриб чиқиш учун йиғилишдан 3 кун олдин тарқатилади. Қўшимча масалалар йиғилишда Кенгаш аъзоларининг розилиги билан киритилиши мумкин.

72. Йиғилишда Кенгаш раиси қарорига кўра, Марказнинг барча мутахассислари, халқ таълими бошқарув идоралари, таълим муассасалари раҳбарлари, тегишли мутахассислар, манфаатдор вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари қатнашишлари ва кўрилаётган масала бўйича маъруза қилишлари мумкин.

73. Муҳокама этилаётган масалалар юзасидан маъруза учун 20 дақиқагача, қўшимча маъруза учун 5-7 дақиқа, музокарада қатнашиш учун 3 дақиқа вақт белгиланади. Йиғилишда келишмовчилик келиб чиқиб, жойида ҳал этилмаса, вужудга келган вазият ҳақида директор Халқ таълими вазирлигига маълум қилади. Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан Кенгаш мажлиси қарорлари қабул қилинади. Тезкорлик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда коллегиал ҳал этишни талаб этадиган масалалар бўйича Кенгаш мажлиси чақирилмайди. Бунда Кенгаш аъзолари ва манфаатдор шахслардан сўров ўтказиш орқали Кенгаш қарори қабул қилинади ва Кенгаш раиси–директор томонидан имзоланади.

74. Мажлис кун тартиби, санаси ва ўтказиш вақтини Илмий кенгаш аъзоларига етказиш, иштирокчиларни рўйхатга олиш, муҳокамадаги масалалар бўйича маърузаларни ёзиб олиш, мажлис баёнини расмийлаштириш кенгаш илмий котиби томонидан амалга оширилади.

75. Марказ Илмий кенгаш қарорлари лойиҳасини муҳокама қилиш давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар, киритилган қўшимчалар, ўзгартиришлар масалани киритган бўлим ёки кенгаш раиси кўрсатмасига биноан тузилган ишчи гуруҳ томонидан, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, йиғилиш ўтган кундан бошлаб икки кун ичида қайта ишланиб чиқилиши ва имзолаш учун директорга тақдим этилиши зарур.

76. Кенгаш қарорлари ва директор буйруқлари имзоланган куни расмийлаштирилади ва улар шу кундан бошлаб кучга кирган деб ҳисобланади. Ушбу ҳужжатлар Ахборот-назорат таҳлил бўлимида алоҳида рўйхат (реестр) билан 1-2 кун ичида ижрочиларга ва жойларга етказилади.

77. Кенгаш қарорлари ижроси назоратини кенгаш котиби ва директор буйруқлари эса Ахборот-назорат таҳлил бўлимида Умумий ишлар ва архив бўлими  бошлиқлари томонидан амалга оширади. 

ХIII.  Ҳужжатлари билан ишлаш 

78. Президент фармонлари, фармойишлари, топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазирлик қарорлари ва буйруқлари, кўрсатмалари Марказга келиб тушган ҳолда девонхонада расмийлаштирилади ҳамда қатъий назоратга олинади.

79. Ҳужжатлар раҳбар томонидан ўрганилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ тадбирлар белгилангандан сўнг, кун давомида ҳужжатнинг бажарилиши назорати юклатилган директор ўринбосарлари, мутасадди бўлим бошлиқларига девонхона орқали топширилади. Шу кундан бошлаб ижро назорати юклатилган масъул ходим унда қўйилган вазифа ва топшириқни аниқ пухта бажарилиши чора-тадбирларни амалга оширади.

80. Юқори ташкилотларнинг ҳужжатларида ижро муддати белгиланган бўлмаса ҳужжат тушган кундан бошлаб ижроси таъминланади. Узрли сабабларга кўра ҳужжатнинг муддатида бажарилмай қолиш эҳтимоли бўлса, мазкур ҳужжат ижро назорати юклатилган директор ўринбосари марказ директори номига Халқ таълими вазирлигига ижро муддатини узайтириш тўғрисида илтимос билан ёзма мурожаатни тайёрлаши керак. Юқори ташкилотларнинг кўрсатмалари асосидаги директорнинг топшириғи муддати фақат директор томонидан улар билан келишилган тартибда узайтирилиши мумкин.

81. Бўлим бошлиқлари белгиланган муддатда ҳужжатларнин бажарилиши юзасидан аниқ ва пухта ахборотларни биринчи раҳбар имзоси билан вазирликка, талаб қилган бошқа юқори ташкилотларга юборишга мажбурдирлар.

82. Юқори ташкилотларга юборилган ҳисобот ва ахборот материаллари Марказ бланкасига ёзилган, Марказ директори ёки директор ўринбосари (директор сафарда ёки таътилда бўлса) томонидан имзоланади.

83. Тақдим этилган ҳужжат қисқа, аниқ ва асосланган, белгиланган интервалда (1,5) ёзилган, 2-3 саҳифадан, йирик масалалар бўйича 4-5 саҳифада ошмаган тарзда баён этилиши зарур.

ХIV . Марказ қошидаги доимий комиссиялар, кенгашлар ва бошқа ишчи гуруҳлар

84. Халқ таълимини ривожлантиришнинг айрим масалалари бўйича идоралар, муассасалар ва ташкилотлар, таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳукумат қарорлари, вазирлик Ҳайъати қарорлари лойиҳасини ишлаб чиқиш ва шу масалалар бўйича муаммоларни кўриб чиқиш учун, шунингдек турли тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ҳайъат қарорлари ёки буйруқларида белгиланган муҳим топшириқларни бажариш учун Марказ қошида доимий ва фанлар бўйича Илмий-методик кенгашлар, Комиссиялар ва бошқа ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин.

85. Мазкур кенгашлар ва бошқа ишчи гуруҳларининг вазифалари ва ваколатлари, фаолият кўрсатиш тартиби директор буйруғи билан белгиланади. 

ХV.  Марказнинг молиявий таъминоти

86. Марказ маблағи Республика давлат бюджети томонидан ажратилган, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги “Бюджет ташкилотларини молиялаштириш тартибини такомиллаштириш ҳақида”ги 414-сонли қарорига асосан хўжалик ҳисобидаги ишлаб чиқариш, ижара ҳақлари, ташкилий-методик-педагогик фаолияти, тижорат, китоб савдосидан жамғарилган ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига ташкил топади. Маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган харажатлар ҳисоб-китоби (смета) асосида олиб борилади.

87. Марказ раҳбарияти сармоядан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан янги штатлар очиш ҳуқуқига эга бўлиб, хўжалик ҳисобидан бажарилаётган ишларни маблағ билан таъминлайди. Меҳнатда юқори кўрсаткичларга эришган, ташаббускор ва ижодкор ҳамда илмий даражага эга бўлган ходимларни белгиланган тартибда моддий, маънавий рағбатлантиради.

XVI. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш

88. Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши, тугатилиши мумкин.

Comments are closed.